Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш тартибига қўйиладиган умумий талаблар

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати кенгашларининг 2019 йил 14 сентябрдаги 2736–III/КҚ-592–III-сонли қўшма қарори билан Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги Низом тасдиқланди. Мазкур Низомга кўра тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш тартибига қўйиладиган умумий талаблар қуйидагича. 

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади.

Ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан ош бериш маросимининг вақти алоҳида белгиланади.

Соат 23:00 дан кейин тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади.

Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши қатнашиши мумкин.

Дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан уч кун мобайнида чекланмаган миқдордаги фуқаролар иштирокида ўтказилиши мумкин, ош бериш маросими бундан мустасно.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда:

тўй ўтказувчи шахслар тўйдан камида бир ҳафта олдин яшаш жойидаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини хабардор қилиши;

никоҳни давлат рўйхатидан ўтказиш, келин-куёвнинг тўйхонага келиши ва кетиши билан боғлиқ оилавий тадбирларда 3 тадан кўп бўлган енгил автомашинадан ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи бошқа транспорт воситаларидан фойдаланмаслик;

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда пулли автотранспорт хизмати лицензияга эга бўлмаган ташувчилар томонидан кўрсатилишига йўл қўймаслик, тўй эгаларининг шахсий автомашиналаридан ҳамда ҳомийлар ёрдамида жалб этилган автотранспорт воситаларидан фойдаланилган ҳоллар бундан мустасно;

шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик;

маҳаллалардаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигига путур етказмаслик, жамиятда шаклланган одоб-ахлоқ қоидаларига қатъий амал қилиш талаб этилади.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда диний мавзуда маъруза кўзда тутилган бўлса, ушбу маъруза диний ташкилотнинг ваколатли вакили томонидан ўқилади.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда лицензияланадиган фаолият туридан фойдаланилган тақдирда, лицензияли хизмат кўрсатадиган жисмоний ва юридик шахслар тўйхона, кафе, ресторан маъмуриятига ва ушбу хизматдан фойдаланувчиларга бу каби хизматларни кўрсатишга рухсат берувчи лицензиянинг нусхасини тақдим этади.

Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйлар, оилавий тантаналардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни (“келин навкари”, “чорлар”, “ота кўрди”, “сеп ёйди”, “қуда чақирди”, “куёв чақирди”, “келин чақирди”, “тоғора юбориш”, “пул сочиш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.

Дафн этиш ва мотам маросимлари билан боғлиқ ортиқча тадбирларни (“етти”, “пайшанбалик”, “йигирма”, “қирқ”, “йил оши”, “пул тарқатиш”, “мато улашиш” ва ҳоказоларни) ўтказишга йўл қўйилмайди.

Тўйхона, кафе ва ресторанларда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишда:

тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар иштирокчилари сонига, уларни ўтказиш вақтига қатъий риоя этиш;

атрофда яшовчи аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини ҳамда маиший шовқинга қарши кураш бўйича қонун ҳужжатларида белгиланган талабларни бузмаслик;

озиқ-овқат маҳсулотлари сифат сертификати талаблари даражасида бўлиши ҳамда санитария-гигиена қоидаларига риоя этиш лозим.

Тўйхона, кафе ва ресторанларда 50 ва ундан ортиқ шахс иштирокида тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказиш учун тадбир ўтказувчи шахс ҳамда тўйхона, кафе ва ресторан раҳбари ўртасида шартнома тузилади. Шартномада томонларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш ва хизмат тури, тўлов, харажатлар миқдори, тадбир иштирокчилари сони, муддати ҳамда амалдаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа талаблар кўрсатилади.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда санъаткорлар (хонанда, созанда, раққоса, бошловчи, сўз устаси, фотограф ва бошқалар) қонун ҳужжатларига мувофиқ шартнома асосида хизмат кўрсатади.

Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда икки нафардан ортиқ хонанданинг (гуруҳнинг) хизмат кўрсатишига йўл қўйилмайди.

Тўйхона, кафе ва ресторанлар маъмурияти тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилаётганда хавфсизлик чораларини таъминлаши шарт.

Қўшработ туман адлия бўлими 

2015-2024 © GOVERNMENT OF QUSHRABOT DISTRICT. Maked by: SAKTRM