Юридик хизмат самарадорлигини ошириш - муҳим вазифа

Юридик хизмат фаолияти қонунчиликка риоя этилиши, қонун бузилишларнинг олдини олиш, давлат органлари ва ташкилотларининг норма ижодкорлиги, шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини амалга оширишда муҳим ҳисобланиб, мамлакатимизда ушбу фаолиятнинг мустаҳкам ташкилий-ҳуқуқий асослари яратилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 19 январдаги ПҚ-2733-сон қарори билан Давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмати тўғрисидаги Низом тасдиқланган бўлиб, ушбу Низом давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизматига қўйиладиган талабларни, уларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлигини белгилайди.

Низомга кўра, юридик хизмат давлат органи ва ташкилоти фаолиятини ҳуқуқий таъминлаш мақсадида қонунчиликда белгиланган меъёр ва мезонларга мувофиқ мажбурий тартибда ташкил этиладиган ёки жорий қилинадиган мустақил таркибий тузилма ёхуд лавозим бўлиб, бевосита давлат органи ва ташкилотининг раҳбарига бўйсунади.

Низомга мувофиқ, юридик хизмат фаолиятининг асосий йўналишлари қуйидагилар ҳисобланади:

давлат органи ва ташкилотининг ҳуқуқни қўллаш фаолиятида қонун устуворлиги ва қонунийликни таъминлашни ташкил этиш;

давлат органи ва ташкилоти томонидан ишлаб чиқилаётган (қабул қилинаётган) норматив-ҳуқуқий ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларининг қонунчиликка мувофиқлиги устидан назоратни олиб бориш;

давлат органи ва ташкилотининг қонун ижодкорлиги фаолиятида иштирок этиш, қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифларни тайёрлаш масалаларида уларнинг тузилмалари ишини мувофиқлаштириш;

давлат органлари ва ташкилоти ходимларининг ҳуқуқий маданияти ва ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларга қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун ва аҳамиятини, шу жумладан замонавий ахборот-коммуникация технологиялари орқали етказишда иштирок этиш;

шартномавий-ҳуқуқий ва талабнома-даъво ишларини юритиш, давлат органи ва ташкилотининг мулкий ва бошқа манфаатларини ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш.

Юридик хизмат қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат органи ва ташкилотига келиб тушаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни танишиш, хизматда фойдаланиш ва уларнинг тизимлаштирилган ҳисобини юритиш учун биринчи навбатда олиш;

давлат органи ва ташкилоти, шунингдек унинг тизимига кирадиган тузилмаларнинг мансабдор шахсларидан юридик хизматга юкланган вазифалар ва функцияларни бажариш учун зарур бўлган ҳужжатлар ва маълумотларни олиш;

раҳбарият томонидан чақириладиган ҳуқуқий масалаларга тегишли йиғилишлар, кенгашлар ва мажлисларда иштирок этиш;

раҳбарият топшириғига кўра ёки тегишли тузилма раҳбарининг розилиги билан уларнинг ходимларини норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш учун, ҳуқуқий ишларни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа тадбирларга жалб қилиш;

қонунчиликка зид бўлган, қонунчилик техникаси талабларига жавоб бермайдиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа ҳужжатлар лойиҳаларини ижрочиларига пухта ишлаш учун қайтариш, ўз эътирозларини асослаган ҳолда, аниқланган камчиликларни бартараф этиш тўғрисида ҳуқуқий хулосалар бериш, раҳбарият топшириғига кўра ёки ўз ташаббуси билан бошқа тузилмалар билан биргаликда ушбу лойиҳаларни пухта ишланишида иштирок этиш;

давлат органи ва ташкилоти тизимига кирадиган тузилмаларда давлат органи ва ташкилоти ваколатига кирадиган масалалар бўйича қонун ҳужжатларига риоя қилиниши масалаларини ўрганиш;

давлат органи ва ташкилоти, шунингдек унинг тизимига кирадиган тузилмаларнинг қонун ҳужжатлари бажарилишини таъминламаётган ёхуд уларни бузаётган раҳбарлари ва ходимларини жавобгарликка тортиш ҳақида раҳбариятга таклифлар киритиш;

давлат органи ва ташкилотида, шунингдек унинг тизимига кирадиган тузилмаларда ёки давлат органи ва ташкилоти томонидан ўтказиладиган текширишлар, тафтишлар ва хатловларда, шунингдек уларнинг якунлари бўйича ҳужжатларни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳамда аниқланган ҳуқуқбузарликлар юзасидан ҳуқуқий хулосалар бериш;

талабнома-даво тартибида давлат органи ва ташкилоти фойдасига ҳал қилинган низолар юзасидан ундирилган сумманинг 5 фоизи, бироқ базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 баробаридан кўп бўлмаган миқдорда мукофот олиш.

Юридик хизмат қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 

2015-2024 © GOVERNMENT OF QUSHRABOT DISTRICT. Maked by: SAKTRM