Қўшработда нечта корхонага кўмак берилди?

Қўшработ тумани давлат солиқ инспекцияси томонидан “Солиқчи – тадбиркорга кўмакчи” тамойили асосида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида туманда 613 та хўжалик юритувчи субъект фаолияти ўрганилди.

Мазкур корхоналар фаолияти мобайнида электр энергияси таъминоти, табиий газ ва ичимлик суви тармоқларига уланиш, имтиёзли кредит олиш борасижа баъзи муаммоларга дуч келган. Янги ташкил этилган 360 та корхонага кўмак кўрсатилди. Шундан 317 та корхонага дастлабки бухгалтерияни юритиш, солиқ қарзи тўғрисида маълумот ва шахсий ҳисобварағидан кўчирма бериш, солиқ режимини танлаш бўйича кўмаклашилди. 

Бошқа идора ва ташкилотларга алоқадор муаммолар юзасидан 38 та корхонага ёрдам берилди. Хусусан, фаолиятини кенгайтириш, янги иш ўринларини ташкил этишни мақсад қилган 30 та корхонага имтиёзли кредит ажратиш тўғрисида тижорат банкларига мурожаат қилинди. Масалан, “Jo`sh ota Kayumars” масъулияти чекланган жамиятига 50 миллион сўм миқдорида имтиёзли кредит ажратилди.

Жорий йилнинг июнь учун айланмадан олинадиган солиқ ҳисоботларини топширмаган 18 та корхона вакиллари билан суҳбатлар ўтказилди. Уларга солиқ ҳисоботларини тўлдирилишига кўмаклашилди. Шунингдек, 80 га яқин корхона раҳбарларига солиқ қонунчилигидаги янгилик ва ўзгаришлар, солиқ режимини танлаш, солиқларни ҳисоблаш, солиқ ҳисоботларини тайёрлаш ва топшириш тартиби тушунтирилди. 

Мухтасар айтганда, ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар замирида тадбиркорлик субъектлари дуч келаётган муаммоларга ечим топиш, уларнинг фаолият самарадорлигини оширишга кўмаклашишдек устувор мақсад ётибди. Тадбиркорга ўз вақтида берилган кўмак иқтисодиёт равнақини таъминлашга замин яратади.

Холбой Жуманов,

Қўшработ тумани ДСИ 

шўъба бошлиғи                                                                                               

 

2015-2024 © Qo'shrabot tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM