Зиёратгоҳлар

ҚЎШРАБОТ ТУМАНИДАГИ ЗИЁРАТГОҲЛАР


Арча ота зиёратгоҳи

Самарқанд вилояти Қўшработ тумани “Бозоржой” маҳалла фуқаролар йиғини худудидаги “Фозилмон ота” тоғида бўй кўрсатиб турган мўъжизавий арча дарахтларини шу ерда яшовчи аҳолидан бошқа билмайди. Ушбу арчалар маҳаллий аҳоли томонидан ниҳоятда қадрланади ва улар бу жойни муқаддас санашади. Ушбу табаррук гўша ҳақида бир нечта  ривоятлар мавжуд. Улардан бирида келтирилишича, бир замонлар тўртта қаландар сифат кишилар сафар қилиб келиб, шу жойда бир кеча-кундуз тунаш, дам олиш учун асо (ҳасса)ларини ерга қадаб, чодир қуришган экан. Мўъжиза рўй бериб бир кеча-кундуз ичида асолар ниҳол олиб, кўкариб чиқибди. Кейинчалик бу асолар салобатли ва махобатли улкан тўртта арча дарахтига айланибди. Хайратланарлиси, бугун шу тоғда ушбу арчалардан  бошқа бирор туп арчани учратмайсиз. Айни пайтда кекса ёшли бобо ва момоларнинг берган оғзаки манбалари асосида маълумот тўпланиб “Арчаота”  зиёратгоҳининг тарихи тўғрисида китоб нашрга тайёрланмоқда.


Ғойиб ота зиёратгоҳи

Самарқанд вилояти, Қўшработ тумани “Чиммос” маҳалла фуқаролар йиғини худудидаги “Ғойиб ота” зиёратгоҳини маҳаллий аҳоли муқаддас санашади. Ушбу табаррук гўша ҳақида бир нечта ривоятлар мавжуд. Улардан бирида келтирилишича, бу ёдгорликка қадимда қаердандир фуқароларни касалликлардан фориғ қиладиган инсон келиб шу атрофда яшаган. Жуда кўплаб касалларни даволаб тузатган. Охирида мана шу тепаликка келиб мўйсафид ғойиб бўлиб кетган. Бугунги кунда "Ғойиб ота" ёдгорлиги зиёратгоҳга айланиб кетган. Зиёратчилар жуда катта ният билан "Ғойиб ота" зиёратгоҳига бориб, уни зиёрат қилишади. 


“Қўчқор ота” зиёратгоҳи

Самарқанд вилояти, Қўшработ тумани “Юқори Жўш” маҳалла фуқаролар йиғини худудидаги “Қўчқор ота” зиёратгоҳини маҳаллий аҳоли муқаддас санашади. Ушбу табаррук гўша ҳақида бир нечта ривоятлар мавжуд. Улардан бирида келтирилишича, бу ёдгорликка яқин жойда тоғ қўчқорига ўхшаш катта тош бўлган экан. Маҳаллий аҳоли шу-шу бу жойни "Қўчқор ота" деб аташар экан. Бугунги кунда "Қўчқор ота" ёдгорлиги зиёратгоҳга айланиб кетган. Бошқа туманлардан ҳам фуқаролар даво топиш мақсадида "Қўчқор ота"  зиёратгоҳига бориб уни зиёрат қилишади. 

 

2015-2019 © Qo'shrabot tuman hokimligi. Sayt yaratuvchisi: SAKTRM