“Белдирсой-Чимён-Нанай” халқаро курорти лойиҳа офиси ташкил этилади

“Тоғли ҳудудларда туризм инфратузилмасини ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” Ҳукумат қарори (559-сон, 17.09.2020 й.) қабул қилинди. 

Қарорга мувофиқ, Бўстонлиқ туманида “Белдирсой-Чимён-Нанай” ДУК халқаро умуммавсумий курортини (ХУК) қуриш ва эксплуатация қилиш бўйича лойиҳа офиси ташкил этилади.

ХУКни қуриш ва қурилиш ишлари билан боғлиқ хизматлар учун ускуналар сотиб олиш бўйича Франция Ғазначилигининг қарзлари, имтиёзли кредитлари ва хорижий тижорат банкларининг қарзлари жалб қилинади. Шунга кўра, ХУК қурилиши бўйича лойиҳани амалга ошириш учун 47,9 миллион евро миқдорида қарз жалб қилиниши белгиланган.

Қарорга мувофиқ, ХУКни қуриш ва фойдаланишга топшириш лойиҳасини жадал амалга ошириш бўйича Амалий чора-тадбирлар режаси ҳамда бу бўйича Бошқарув кенгаши таркиби тасдиқланди. 

ХУК ҳудудида жойлашган ер участкаларига бўлган ҳуқуқ Бошқарув кенгашининг қарори билан “E-IJRO-AUKSION” электрон савдо майдончаси орқали босқичма-босқич сотилади.

Истисно тариқасида, ер участкаларини сотишдан тушган маблағларнинг 90 фоизи Лойиҳа офиси ҳисобига, 10 фоизи Тоғли ва олис ҳудудларда туризм инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасига йўналтирилади.

2015-2024 © Хокимият Кушработского района. Разработан в: SAKTRM