Тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини бериш тартибини биласизми?

2018 йил 1 июлдан бошлаб тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 20 апрелдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш тартибини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ-3677-сон қарорига мувофиқ амалга оширилади. Мазкур қарорга кўра:

- юридик ва жисмоний шахсларга тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини доимий фойдаланишга бериш E-IJRO AUKSION ягона электрон савдо майдончасида электрон аукцион орқали амалга оширилади;

- ер участкаларини бериш бўйича материалларни йиғиш, кўриб чиқиш ва ваколатли органлар ҳамда ташкилотлар билан келишиш замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда фақат электрон шаклда амалга оширилади. 

Бунда аукционларда электрон рақамли имзо билан тасдиқланган электрон буюртманомани тақдим этиш ва закалат киритиш орқали иштирок этилади.

Очиқ аукционларда барча юридик ва жисмоний шахслар иштирок этишга ҳақли.

Ёпиқ аукционларда электрон аукционга қўйиладиган ер участкаси жойлашган туманда (шаҳарда) доимий яшовчи (рўйхатга олинган) жисмоний ва юридик шахслар иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Аукцион нархларни ошириш принципи бўйича ўтказилади.

Бўш ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи аукционга ер участкасининг туман (шаҳар) ҳокими қарорида (буюртманомасида) кўрсатилган минимал қиймат бўйича қўйилади.

Қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолатлар ва тартибда электрон аукцион ўтказилмаган деб эътироф этилганда бўш ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи аукционга пасайтирилган нархда қўйилади.

Оператор аукционни ташкил қилиш хизматлари учун шартномада белгиланадиган миқдорда, аммо бўш ер участкасидан доимий фойдаланиш ҳуқуқини сотиш суммасининг беш фоизидан ортиқ бўлмаган миқдорда мукофот олади.

Аукцион операторнинг веб-порталидаги хабарномада кўрсатилган кунда ва вақтда бошланади.

Аукцион унга қўйилган икки ва ундан ортиқ иштирокчи мавжуд бўлганда ўтказилади.

Аукцион иш куни мобайнида соат 9.00 дан соат 18.00 гача ўтказилади.

Бошланғич нарх билан бўш ер участкасининг минимал қийматига тенг нарх белгиланади.

Аукцион қадами аукцион объектининг бошланғич нархининг беш фоизни ташкил этади.

Аукцион унинг иштирокчиларидан лотни бошланғич нархдан битта қадамга оширилган нархда сотиб олиш бўйича таклифни тасдиқлашни сўрашдан бошланади.

Агар таклиф берилгандан кейин 10 дақиқа давомида аукцион иштирокчиларидан бири белгиланган қадамга оширилган лот нархини тасдиқласа, кейинги таклифни тасдиқлаш учун вақт яна 10 дақиқага узайтирилади.

Агар, тасдиқланган охирги таклифдан сўнг 10 дақиқа давомида кейинги оширилган лот нархи бўйича таклиф аукцион иштирокчиларининг биронтаси томонидан тасдиқланмаса, аукцион аукцион натижалари ҳақидаги баённомани автоматик тарзда шакллантирган ҳолда якунланади. Лот нархи бўйича таклифни охирги тасдиқлаган иштирокчи аукцион ғолиби деб топилади.

Аукцион иштирокчиларига навбатдаги ставкани дастлаб белгиланган қадамдан 5, 10 ёки 20 баравар миқдорда мустақил белгилаш имконияти берилади.

 

2015-2019 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM