ҲАРБИЙ ХИЗМАТНИ ЎТАШ ТАРТИБИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 12 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги ПҚ-4447-сонли қарорига 1-илова билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳарбий хизматни ўташ тартиби тўғрисидаги Низомга кўра, ҳарбий хизматни ўташ қуйидагиларни ўз ичига олади:

муддатли ҳарбий хизматга чақириш ёки контракт бўйича ҳарбий хизматга кириш;

сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга олиш;

ҳарбий лавозимга тайинлаш ва уни бажариш;

ҳарбий унвон бериш;

ҳақиқий ҳарбий хизматдан бўшатиш;

резервдаги хизматга олиш;

ҳарбий хизматга мажбурларни истеъфога чиқариш;

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари ва мазкур Низомга, шунингдек мазкур соҳадаги Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига мувофиқ ҳарбий хизматчиларнинг хизмат ва ижтимоий-ҳуқуқий мавқеини белгилаб берувчи бошқа ҳолатлар (вазиятлар).

Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларига қуйидаги талаблар қўйилади:

муддатли ҳарбий хизматчилар эгаллаб турган лавозими бўйича ҳарбий ихтисосликни сифатли ўзлаштириши, ишониб топширилган қурол ва ҳарбий техникани ишлата билиш кўникмаларини эгаллаши, мустаҳкам ҳаётий позиция, ватанпарварона дунёқараш, юксак маънавий-ахлоқий ва жисмоний сифатларга эга бўлиши, ҳарбий бурчни бажаришга тайёр туриши зарур;

оддий аскарлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчилар муддатли ҳарбий хизматчиларга тааллуқли бўлган сифатларни эгаллаш билан бир қаторда, ҳарбий касбни чуқур ўзлаштириши, ўзаро боғлиқ мутахассисликларни ўрганиши, вазиятнинг турли шароитларида жанговар ва хизмат вазифаларини бажариш вақтида ишониб топширилган қурол ва ҳарбий техникани қўллашнинг мустаҳкам кўникмаларига эга бўлиши лозим;

сержантлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчилар маънан етук, ҳарбий бурчни бажаришга руҳан тайёр бўлиши, ҳарбий касбни мукаммал билиши, қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникани моҳирона қўллай олиши ҳамда уни сақлаш ва ундан фойдаланишда эҳтиёткор бўлиши керак. Уларга бўлинмаларда юксак жанговар руҳ, соғлом маънавий-руҳий муҳит яратиш, бўйсунувчиларда Ватанга содиқлик ва ватанпарварлик ҳисларини доимий равишда тарбиялаб бориш, уларни ҳарбий ихтисосликлар ва зарурий кўникмаларни ҳосил қилиш вазифалари юклатилади;

офицерлар таркибига мансуб контракт бўйича ҳарбий хизматчилар профессионал тайёргарликка эга командир (раҳбар), ҳарбий бўлинмаларга командирлик (раҳбарлик) қилиш, мураккаб вазиятларда тезкор мослашиш ва мустақил ҳаракат қилиш, ностандарт қарорларни қабул қилиш ҳамда шахсий намунаси билан бўйсунувчиларни жанговар ва хизмат вазифаларини ҳал этишга йўналтира олишга қодир, ҳарбий ишга оид чуқур билимлар, юксак маънавий-руҳий сифатлар, кенг дунёқараш, интеллект, яхши ташкилотчилик қобилиятига эга, ишониб топширилган қурол-аслаҳа ва ҳарбий техникадан тўғри фойдаланиш ва уни сақлашни биладиган мутахассис бўлишлари зарур.

Юқорида санаб ўтилган сифатлар ўзини ҳарбий хизматга, Ватанга хизмат қилишга бағишлаган ҳар бир фуқаро учун ҳаётий мақсад бўлиб қолиши ва машаққатли меҳнат асосида шакллана бориши, нафақат экстремал шароитларда, балки тинчлик даврида кундалик хизмат давомида ҳам сингдирилиб, намойиш этилиб борилиши лозим.

Ишлар тажрибаси ворисийлигини таъминлаш, ёш ҳарбий хизматчиларнинг ҳарбий хизматга мослашуви, касбий шаклланиш ва юклатилган хизмат вазифаларини мустақил бажариш қобилиятини ривожлантириш жараёни тезлашишини таъминлаш мақсадида ҳарбий хизматчиларга юқори даражали касбий сифатларга эга бўлган, тайёргарлиги энг яхши ҳарбий хизматчилар ва Қуролли Кучлар фахрийлари орасидан мураббийлар бириктирилади.

Қўшработ туман адлия бўлими

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM