Аҳолига давлат ҳисобидан кўрсатиладиган тиббий ёрдам рўйхати ишлаб чиқилади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 30 сентябрдаги 832-сонли қарори билан Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан қопланадиган тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажмлари рўйхатини шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга мувофиқ, Рўйхат ҳар йили Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тегишли молия ва режали давр учун Давлат бюджети параметрлари тасдиқлангандан кейин 15 кундан кечикмай ишлаб чиқилади. 

Рўйхат тиббий ёрдамнинг қуйидаги турлари бўйича шакллантирилади:
шошилинч тиббий ёрдам;
режали (шу жумладан бирламчи тиббий-санитария) ёрдам;
ихтисослашган (шу жумладан юқори технологик) тиббий ёрдам;
паллиатив тиббий ёрдам.

Рўйхатга тиббий хизматларнинг аниқ турлари, шу жумладан дори-дармонлар, сарфлаш материаллари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш киритилади.

Рўйхат тиббий хизматлар турлари ва ҳажмлари белгилаб олинган ҳолда, тиббиёт ташкилотлари даражаси бўйича шакллантирилади.

Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, республикада муқим яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳамда чет эл фуқаролари тиббий кўрсатмалар бўлганда асослантирилган мурожаатлар билан Рўйхатга киритилган тиббий ёрдамни олиш ҳуқуқига эга бўлади.

Қўшработ туман адлия бўлими 

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM