Четдан кираётган айрим дори воситалари учун бож вақтинча ундирилмайди

2020 йил 27 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳолининг дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника ва энг зарур товарларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4662-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартибнинг амал қилиш даврида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги томонидан тақдим этилган рўйхат бўйича божхона чегараси орқали ўтказилаётган зарур дори воситалари, тиббий буюмлар, тиббий техника, уларни ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган хомашё, материаллар ва субстанцияларга нисбатан божхона божлари ундирилмайди.

Тартиб амал қилиш даврида, истисно тариқасида, Ўзбекистонга коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

импорт қилишда ҚҚС бўйича имтиёз татбиқ этилмайдиган дори воситалари ва тиббий буюмлар рўйхатига кирадиган айрим тайёр дори воситалари ва тиббий буюмларга 3 ойгача бўлган муддатга ҚҚС бўйича имтиёз амал қилиши тўғрисида қарор қабул қилиш;

айрим турдаги энг зарур товарлар рўйхатини шакллантириш ва уларни импорт қилишда уч ойгача бўлган муддатга божхона божи ва акциз солиғи ставкаларини 0 фоизгача камайтириш.

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM