Ўзбекистонда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритади

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 мартдаги “Нодавлат нотариал фаолиятни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги 156-сонли қарори билан тасдиқланган Хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятини ташкил этиш  тартиби тўғрисидаги низомга кўра, хусусий нотариус фаолиятини лицензиялаш, уларни ҳисобга қўйиш ва ҳисобдан чиқариш Қорақалпоғистон Адлия вазирлиги, ҳудудий адлия бошқармалари томонидан амалга оширилади.

Хусусий нотариус юридик шахс ташкил этмасдан фаолият юритади, банкда ҳисобварақ очади, ходимлар билан меҳнат шартномаси тузади, иш фаолиятини ташкил этиш учун мутахассислар ва юридик шахслар билан фуқаролик-ҳуқуқий шартномалар тузиш ҳуқуқига эга.

Хусусий нотариус ўз фаолиятини бошлашдан олдин фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурта қилдириши шарт.

Нотариуснинг номида “хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус” сўзлари бўлиши, тегишли туман, шаҳар кўрсатилиши лозим.

Хусусий нотариуснинг муҳри Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланган ягона намунага мувофиқ тайёрланади.

Хусусий нотариус стажёр, ёрдамчи, котиб, нотариал фаолиятни ташкил этиш билан боғлиқ бошқа ходимларга (таржимон, курьер ва б.) эга бўлиши мумкин.

Хусусий нотариус ўзининг иш ва дам олиш вақтини мустақил белгилайди.

Нотариал ҳаракатлар “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Хусусий нотариус томонидан ундириладиган тушумлар давлат бюджетига солиқлар ва бошқа тўловлар тўлангандан сўнг нотариуснинг тасарруфига ўтади.

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM