Спорт иншооти паспортини бериш тартиби белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 17 мартдаги 164-сонли қарори билан Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншооти паспортини бериш бўйича давлат хизмати кўрсатишнинг маъмурий регламенти тасдиқланди.

Мазкур регламентга асосан, давлат хизмати тадбиркорларга давлат хизматлари марказлари ёки ЯИДХП орқали, тадбиркор бўлмаган юридик шахслар учун эса ҳудудий жисмоний тарбия ва спорт органлари орқали “Сертификатлаштириш ва компьютерлаштириш маркази” давлат корхонаси томонидан кўрсатилади. 

Бунда дастлаб  Жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншооти паспортини бериш бўйича сўровнома тўлдирилади.

Агарда спорт иншооти ариза берувчи томонидан ижарага олинган бўлса, сўровномага амалдаги иншоот ижараси шартномасининг нусхаси илова қилинади.

Давлат хизматини кўрсатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир баравари (223 минг сўм) миқдорида йиғим ундирилади.

Сўровнома келиб тушгандан сўнг ҳудудий бошқарма ариза берувчи билан биргаликда 7 иш куни давомида спорт иншоотини кўздан кечиради.

Олий ва биринчи тоифа берилиши назарда тутилган спорт иншоотларини кўздан кечириш Марказ вакили иштирокида амалга оширилиши шарт.

Спорт иншооти бланкасида кўрсатилган маълумотлар иншоотнинг тоифасини белгилашга асос ҳисобланади.

Спорт иншооти паспорти қуйидаги муддатларга берилади:
олий ва биринчи тоифадаги спорт иншоотлари учун – 4 йил;
иккинчи, учинчи ва тўртинчи тоифадаги спорт иншоотлари учун – 3 йил;
бешинчи тоифадаги спорт иншоотлари учун – 2 йилгача (спорт иншоотини ижарага олиш ҳақидаги шартномада кўрсатилган муддатдан келиб чиққан ҳолда).

Спорт иншооти паспортининг амал қилиш муддати тугаганда, янги паспорт мазкур кўрсатилган Регламентга мувофиқ берилади.

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM