“Метрология тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири

2020 йил 7 апрель куни “Метрология тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзоланди.

Қонунга мувофиқ, Ўзбекистон метрология хизмати давлат метрология хизматидан, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари метрология хизматларидан, шунингдек бошқа юридик шахсларнинг метрология хизматларидан иборат.

Давлат метрология хизмати – махсус ваколатли орган (Ўзстандарт), унинг ҳудудий  бўлинмалари ва Ўзбекистон миллий метрология институтидан иборат.

Қонун билан мазкур органларнинг метрологияга оид фаолият соҳасидаги ваколатлари белгилаб берилди. 

Шунингдек, Қонун билан, Ўзбекистонда ўлчашларнинг ягона бирликда бўлишини таъминлашга доир норматив ҳужжатларнинг қуйидаги турлари белгиланди:
ўлчаш воситаларини қиёслаш услубиёти; 
ўлчаш воситаларини калибрлаш услубиёти; 
ўлчашларнинг бажариш услубиёти; 
синов воситаларини аттестация қилиш услубиёти. 

Қонунга “ўрамларга қадоқланган товар” термини ҳамда ўрамларга қадоқланган товарлар миқдори устидан давлат метрология назоратини тартибга соладиган янги модда киритилди.

Унга кўра, бундай назорат ўрам таркибини ўрамни очмасдан ёки деформация қилмасдан ўзгартириш мумкин бўлмаган тақдирда, ўрамдаги товар миқдорини кўрсатувчи масса, ҳажм, узунлик, майдон ёки бошқа катталиклар эса ўрамда белгиланган ҳолларда амалга оширилади.

Бунда давлат метрология назорати текширув хариди орқали амалга оширилиши мумкин.

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM