47 та тиббиёт коллежи Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этилади

2020 йил 7 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тиббий-санитария соҳасида кадрларни тайёрлаш ва узлуксиз касбий ривожлантиришнинг мутлақо янги тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4666-сон қарори қабул қилинди. 

Қарорга мувофиқ, 2020/2021 ўқув йилидан бошлаб 47 та тиббиёт коллежи Абу Али ибн Сино номидаги Жамоат саломатлиги техникумлари этиб қайта ташкил этилади.

Мазкур техникумларни муваффақиятли тамомлаганлар ўз соҳасига мос тиббиёт ОТМларининг бакалавриатига кириш имтиҳонларисиз якка тартибдаги суҳбат орқали ОТМларда 2-курсдан ўқишини давом эттириш ҳуқуқига эга бўлади.

2020/2021 ўқув йилидан бошлаб:

тиббиёт ОТМларининг даволаш (амалиёт) ишлари проректорлари (директор ўринбосарлари) бир вақтнинг ўзида ушбу ОТМ клиникаларининг бош шифокорлари ҳисобланади;

тиббиёт ОТМларида бакалавриат таълим йўналишлари, магистратура ва клиник ординатура (резидентура) мутахассисликлари ўқув режаларидаги мутахассисликка оид бўлмаган фанлар улуши 2 баробарга қисқартирилади;

клиник ординатурасига мақсадли қабул қилинган талабаларнинг битирув курсини вилоят даражасидаги тиббиёт муассасаларида ташкил этиш тизими йўлга қўйилади;

ҳудудларнинг шифокорларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб тиббиёт ОТМлари бакалавриатнинг “Даволаш иши”, “Педиатрия иши” ва “Касбий таълим (даволаш иши)” таълим йўналишлари бўйича давлат гранти асосида ўқишга қабул кўрсаткичлари доирасидаги мақсадли қабул параметрлари туман (шаҳар)лар кесимида шакллантирилади;

ушбу йўналишлар битирувчилари яшаш бўйича рўйхатга олинган жойидан қатъи назар мақсадли қабул параметрларида кўрсатилган туман (шаҳар)да камида 5 йил ишлаб бериш мажбуриятини олади.

Қарорга кўра, 2020/2021 ўқув йилидан чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги халқаро сертификатга эга бўлган тиббиёт ОТМлари талабаларининг (мутахассислик фанларни “қониқарли” ўзлаштираётганлардан ташқари) стипендиясига базавий стипендия (428 минг сўм) миқдорида қўшимча тўлов амалга оширилади.

Халқаро рейтингларда тиббиёт йўналиши бўйича Топ-200 таликка кирган ОТМларнинг клиник ординатура (резидентура) ва магистратура мутахассислигини тамомлаган, шунингдек фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган  давлат тиббиёт муассасалари ходимларига қуйидаги миқдорда ҳар ойлик қўшимча устама тўланади:

клиник ординатура (резидентура) ва магистратура мутахассислигини тамомлаган ходимга – меҳнатга ҳақ тўлашни энг кам миқдорининг 7 бараварига тенг (4 млн 755 минг 310 сўм) миқдорда;

фалсафа доктори (PhD) ёки фан доктори (DSc) илмий даражасини олган ходимга – меҳнатга ҳақ тўлашни энг кам миқдорининг 15 бараварига тенг (10 млн 189 минг 950 сўм) миқдорда.

 

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM