Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Жамоатчилик палатаси ташкил этилди

2020 йил 16 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Жамоатчилик палатасини ташкил этиш тўғрисида”ги ПФ-5980-сон Фармони қабул қилинди.

 

Фармонга мувофиқ, Президент ҳузурида Жамоатчилик палатаси ва ҳар бир ҳудудда унинг бўлимлари ташкил этилади.

Фуқароларнинг давлат ва жамият ишларидаги иштирокини фаоллаштиришга ҳамда давлат-хусусий шерикликнинг замонавий механизмларини жорий этишга кўмаклашиш Жамоатчилик палатаси фаолиятининг асосий йўналишларидан биридир.

Жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 50 нафар аъзодан иборат бўлиб, уларнинг:
18 нафари Президент томонидан тайинланади;
18 нафари маҳаллий ННТлар, ОАВ ва кенг жамоатчилик вакиллари тақдим этган номзодлар орасидан танлаб олинади;
14 нафари ҳудудий жамоатчилик палаталари вакилларидан иборат.

Ҳудудий жамоатчилик палатаси жамоатчилик асосида ишлайдиган 21 нафар аъзодан иборат бўлиб, улар ҳудудларда фаолият олиб бораётган ННТлар, илмий доиралар, ОАВлар ва кенг жамоатчилик вакилларидан шакллантирилади.

Жамоатчилик палатаси ва ҳудудий жамоатчилик палаталари аъзоларининг ваколат муддати – 3 йил.

Фармон билан Президент ҳузуридаги Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича маслаҳат кенгаши ва Фуқаролик жамиятини ривожлантириш маркази фаолияти тугатилди.

Шунингдек, “Mening fikrim” веб-портали Жамоатчилик палатаси тасарруфига ўтказилди.

Жамоатчилик палатаси: 

Президент ва  Олий Мажлиси палаталарига фуқаролик жамиятининг ҳолати ва ривожланиш тенденциялари тўғрисида йиллик миллий маърузаларни тақдим этади;

Конституцияга ўзгартириш ҳамда тузатишлар киритиш тўғрисидаги таклифлар,  мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётига оид ва жамоатчиликда алоҳида қизиқиш уйғотадиган ўта муҳим ва долзарб масалаларга доир қонун ҳужжатлари лойиҳаларини кўриб чиқади;

давлат органларига қонунларнинг, турли соҳалардаги давлат дастурларининг ижроси ҳамда уларнинг ваколатларига кирадиган бошқа муҳим масалалар юзасидан тушунтириш бериш талаби билан Жамоатчилик палатаси сўровини юбориш ҳуқуқига эга.

Жамоатчилик палатаси Раиси мақомига кўра вазирга, раиснинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари эса тегишлича вазирнинг биринчи ўринбосари ва вазир ўринбосарларига тенглаштирилади.

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM