Ёшлар ишлари агентлиги ташкил этилди

“Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш 
чора-тадбирлари тўғрисида” Президент Фармони қабул қилинди. 

Фармонга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги (Агентлик) ҳамда унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бошқармалари ва туман (шаҳар) бўлимлари ташкил этилди. 

Агентликнинг асосий вазифа ва фаолият йўналишлари белгиланди. 

Агентлик, жумладан, ёшлар билан боғлиқ соҳа ва йўналишларда ягона давлат сиёсати, стратегик йўналишлар ва давлат дастурларини ишлаб чиқади ҳамда амалга оширади. 

Шунингдек, Агентлик ёшлар сиёсати соҳасидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан давлат назоратини амалга оширади.

Фармон билан Ўзбекистонда ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. 

Дастурда, жумладан, Ўзбекистон ёшлари порталини ташкил этиш ва унда ёшлар сиёсатини баҳолаш миллий индекслари ҳамда ёшларга оид қонун ҳужжатлари базасини шакллантириш белгиланган. 

Дастурда назарда тутилган тадбирлар Агентлик томонидан тўғридан-тўғри ёки нодавлат нотижорат ташкилотларига ижтимоий буюртма шаклида ажратиладиган давлат грантлари ва субсидиялар тақсимлаш орқали молиялаштирилади. 

Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини янада ривожлантириш борасидаги чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича мувофиқлаштирувчи кенгаш ташкил этилди ҳамда унинг асосий вазифалари белгиланди.

Агентлик ҳудудлар кесимида ишсиз ёшлар рўйхатини шакллантиради ҳамда уларнинг бандлигини таъминлашга қаратилган манзилли чора-тадбирларни амалга оширади. 

Шунингдек, юқори касбий салоҳиятга эга, ташаббускор ва ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этувчи ёш кадрлар захираси шакллантиради. 

2021 йил 1 январдан бошлаб “Yoshlar – kelajagimiz” Давлат дастури тўғрисида”ги Президент Фармони доирасидаги:

ҳамда бошқа қонун ҳужжатларида кўзда тутилган тадбирларни “Yoshlar – kelajagimiz” жамғармаси 
маблағлари ҳисобидан молиялаштириш, ажратилган кредитлар бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун компенсация ва субсидиялар бериш тартиби бекор қилинади;

лойиҳаларни кредитлаш бозор тамойиллари асосида тўғридан-тўғри тижорат банклари томонидан амалга оширилади. 

Бунда, Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан ёш тадбиркорлар бизнес лойиҳалари учун ажратилган суммаси 2 миллиард сўмдан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмайдиган тижорат банкларининг миллий валютадаги кредитлари бўйича фоиз ставкасининг Марказий банк асосий ставкасидан ошадиган, бироқ 10 фоиз пунктидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун компенсация тўланади.

Жамғарма 2021 йил 1 январдан мустақил нодавлат нотижорат ташкилот сифатида қайта ташкил этилади. 

Шунингдек, Фармонга кўра, ёшлар орасидан истиқболли кадрлар захирасини шакллантиришни назарда тутувчи ташаббускор, ислоҳотларни амалга ошириш ва жойлардаги муаммоларни ҳал этишда фаол иштирок этувчи, раҳбарлик лавозимларига муносиб ёшларни қўллаб-қувватловчи “Ватан ифтихорлари” институционал тизими жорий этилади.

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM