Олот туманида бўш турган ётоқхона шароити оғир оилалар учун турар жойга мослаштирилади

Ҳукумат қарори билан (577-сон, 21.09.2020 й.) 2020-2022 йилларда Бухоро вилоятининг Олот туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Қарорга мувофиқ, тумандаги яшаш шароити оғир бўлган оилаларни уй-жой билан таъминлаш мақсадида Олот тумани ҳокимлигининг бўш турган ётоқхона биноси 60 та (34 та – 2 хонали, 26 та – 1 хонали) хонадонга мўлжалланган турар жойга мослаштириб реконструкция қилинади.

Туманда жорий йилда 1 700 бош қорамолга мўлжалланган чорвачилик комплекси ташкил этилади.

Қарор билан тасдиқланган дастурга кўра, туманни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш мақсадида жами 155 та лойиҳанинг амалга оширилиши назарда тутилган.

Жумладан, туманда саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларини ривожлантириш бўйича 71 та инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши ва бу орқали 1 342 та янги иш ўринларининг яратилиши белгиланган. 

Тумандаги 276 нафар ишсизлар тикувчилик, қишлоқ хўжалиги машина ва жиҳозларига техник хизмат кўрсатиш, ҳунармандчилик каби йўналишларда касб-ҳунарга ўқитилади.

Қарор билан шунингдек, туманда камбағалликни қисқартириш юзасидан амалга ошириладиган чора-тадбирлар тасдиқланди.

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM