Яна бир чорвачилик йўналиши учун субсидия ажратилади

“Вазирлар Маҳкамасининг “Чорвачилик тармоғига давлат томонидан субсидия ажратишни тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида” 2020 йил 12 майдаги 280-сон қарорига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Ҳукумат қарори (590-сон, 26.09.2020 й.) қабул қилинди.

Қарор билан 2021-2023 йилларда чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи хўжаликларга улар томонидан қўлда гилам тўқишга ихтисослашган ҳунармандлар ва ташкилотларга сотилган “меринос” зотли қўй ва “ангор” зотли эчкиларнинг жуни учун субсидия бериш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, субсидия олувчи юридик шахс “меринос” зотли қўй ва “ангор” зотли эчки жунини ҳунармандлар ва ташкилотларга сотгандан сўнг Чорвачилик тармоғини янада ривожлантириш фаолиятини самарали ташкил этишни таъминлаш бўйича туман (шаҳар) комиссияларига мурожаат қилади.

Ариза туман комиссияси томонидан 3 иш кунида кўриб чиқилади ҳамда субсидия бериш тўғрисидаги хулоса қабул қилинган тақдирда тегишли ҳужжатлар 1 иш кунида вилоят комиссиясига юборилади.

Вилоят комиссияси ҳужжатларни кўриб чиқиб, 2 иш кунида “Ўзбекчорванасл” агентлигига юборади.

Агентлик вилоят комиссияси томонидан тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқади ва 2 иш кунида субсидия олувчиларнинг банкдаги ҳисобварақларига субсидия маблағларини ўтказиб беради.

Аризани кўриб чиқиш учун тўлов ундирилмайди.

Низомга мувофиқ, “меринос” зотли қўй ҳамда “ангор” зотли эчкилардан қирқиб олиниб, сотилган ҳар бир килограмм жун учун давлат томонидан 2 000 сўмдан субсидия ажратилади.

Субсидия ажратишни рад этиш тўғрисидаги қарор устидан судга шикоят қилиниши мумкин.

Ушбу қарор билан киритилган ўзгартиришлар 2021 йил 1 январдан бошлаб кучга киради.

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM