“АДОЛАТЛИ ҚАЙНОНА” ҒОЛИБИ АНИҚЛАНДИ

Бугун 5-сон мусиқа ва санъат мактабида “Адолат” СДП ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман бўлими ҳамкорлигида ҳар йили анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган “Адолатли қайнона” республика кўрик-танловининг туман босқичи бўлиб ўтди. (https://t.me/Istiqbol_sari)
Тадбирда ўзининг ибратли ва тинч оиласи билан маҳалласида ибрат ва намуна кўрсата олган 6 нафар қайноналар таништирув, фото альбом тақдимоти ва саҳна кўриниш шартлари бўйича беллашдилар. 
-Ажралишлар бугунги кунда жамиятимизнинг энг оғриқли дардларидан, - дейди танлов иштирокчиси 75 ёшли Рашида Бойматова. – Улар бизга бегона ҳам эмас. Кимнингдир қизи, кимнингдир ўғли, яна кимнингдир яқини, хуллас одамзод бир-бирига бегона эмас. Буларда қайнона-келиннинг муаммоси биринчи ўринда туради. Шу ёшимда шу саҳнада туриб ёшларга ибрат бўлсин деб қатнашябман.  
Ҳа, худди шундай адолатли қайноналар орқали оилаларга кириб бориш, таъсир кўрсатиш ҳам тадбиримизнинг асл мақсадидир. Жамиятимизда Рашида онамиздек адолатли қайноналар кўпайса оилаларда тинчлик, аҳиллик янада мустаҳкамланади. 
Айтиб ўтиш керакки, аёлларни ижтимоий-сиёсий ҳаётга кенгроқ жалб қилиш борасида Заркент, Шова, Қовунчи, Намуна, Қийқим ва Бозоржой маҳалла фуқаролар йиғинлари доимо фаол. “Адолатли қайнона” республика кўрик-танлови ҳудудий ва туман босқичларида ҳам айнан шу маҳалалардан Б.Назарова, У, Эгамова, З.Алимова, Р.Бойматова, Ҳ.Солиҳиддинова, Ҳ.Бойқулова каби адолатли қайноналаримизнинг ҳаёт тажрибалари ибрат сифатида кенг тарғиб қилинди. 
Танлов сўнгида У.Эгамова вилоят босқичига йўлланмани қўлга киритди. Ғолиб ва иштирок этиб, намуна кўрсатган қайноналар “Адолат” СДП туман кенгашининг диплом ва эсталик совғалари билан тақдирланди. 

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM