Қўшработ туманида аҳолига сифатли тез тиббий ёрдам кўрсатиш хизмати тўғрисида очиқ мулоқот ўтказилди

Ҳаммамизга маълумки: Сўнгги йилларда Муҳтарам Юртбошимиз томонидан яратиб берилаётган имконият ва енгилликлар натижасида охирги 2 йил давомида бутун дунёни ташвишга солган пандемия бўлишига қарамасдан мамлакатимизда, шу жумладан,   туманимизда ҳам барча соҳаларда мисли кўрилмаган натижаларга эришилди.

Бевосита Президентимиз белгилаб берган йўналиш ва кўрсатмалар асосида якунланган - “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да туманда ижтимоий-иқтисодий соҳада қуйидаги ишлар амалга оширилди.

Аҳоли соғлиғини сақлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш мақсадида туман маҳаллий бюджетидан ажратилган 800 млн. сўм маблағ ҳисобига марказий шифохонанинг болалар, жарроҳлик, ички  касалликлар, асаб касалликлари бўлимлари, шифохона ҳудудидаги ички йўлаклар жорий таъмирланди, Тоз, Оқчопсой, Жонбулоқ оилавий шифокорлик пунктлари тўлиқ янги жиҳозлар билан таъминланди, 652 млн. сўм маблағ ҳисобига марказий шифохона, оилавий поликлиникалар ҳамда оилавий шифокорлик пунктлари учун 85 та замонавий компьютер ва бошқа ускуналар харид қилинди.

Шунингдек, тиббиёт бирлашмасининг Жўш филиали, Заркент ва Шавона оилавий поликлиникаларига қиймати 1 млрд. сўмлик замонавий ултратовуш аппаратлари олиб келинди ва натижада туман аҳолиси 100 км вилоят марказига сарсон бўлишининг олди олинди.

Шунингдек, мазкур дастур доирасида 5 млрд. сўмга яқин маблағ ҳисобига“Қўшработ” ва “Оқчопсой” оилавий шифокорлик пунктлари янгидан қурилди, Жонбулоқ оилавий шифокорлик пункти капитал таъмирланди.

Аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш соҳасида келгусидаги режалар ҳақида тўхталадиган бўлсак, Пангат оилавий шифокорлик пункти дастур асосида замонавий шаклда қайта қурилади.

Шунингдек, ҳомийлик маблағлари ҳисобидан 3 та оилавий шифокорлик пунктлари қайтадан қурилиши ва 2 та оилавий шифокорлик пунктларини капитал таъмирлаш режалаштирилган бўлиб, Қовунчи оилавий шифокорлик пунктининг янги биносини қуриш ишлари бошлаб юборилган.

Эътиборларингиз учун раҳмат!

 

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM