Коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар белгиланди

2020 йил 19 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5969-сон Фармони қабул қилинди. 

Ушбу Фармонга мувофиқ, Молия вазирлиги ҳузурида Инқирозга қарши 10 триллион сўм ҳажмдаги жамғарма тузилди.

Фармонга кўра, 2020 йилнинг 1 апрелидан 1 октябрига қадар: 

якка тартибдаги тадбиркорлар учун ижтимоий солиқнинг энг кам миқдори ойига БҲМнинг 50 фоизига камайтирилади;

алкоголь маҳсулотлари билан улгуржи савдо қилувчи корхоналарнинг ажратмалари 5 фоиздан 3 фоизга камайтирилади;

алкоголь маҳсулотлари билан чакана савдо қилиш ҳуқуқи учун умумий овқатланиш ташкилотларининг йиғим миқдори белгиланган миқдордан 25 фоизга камайтирилади;

2020 йил 1 апрелдан 1 июлгача бўлган даврда туристик (меҳмонхона) йиғимини ҳисоблаш ва тўлаш тўхтатилади;

қишлоқ хўжалигидаги ерларни суғориш учун фойдаланиладиган ҳажмлар бўйича сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқ ставкалари 2020 йилда ўрнатилган ставкалардан 50 фоизга пасайтирилади;

2019 йил учун жисмоний шахсларнинг жами йиллик даромадлари тўғрисидаги декларацияни тақдим этиш муддати 2020 йил 1 августга қадар узайтирилади;

жисмоний шахсларнинг мол-мулк солиғи ва ер солиғини тўлаш муддати 2020 йил 15 октябрга қадар узайтирилади;

2020 йил 1 апрелдан жисмоний шахсларнинг хайрия ташкилотларидан моддий наф тарзида олинадиган даромадлари солиққа тортишдан озод этилади;

2020 йил 1 октябрга қадар:
ташқи савдо операциялари бўйича муддати ўтган дебитор қарздорлик учун хўжалик юритувчи субъектларга нисбатан жарима санкциялари қўлланилиши тўхтатиб турилади;
вақтинча қийинчиликка учраган хўжалик субъектларига мулк, ер солиқлари ва сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиққа пеня ҳисоблаш тўхтатилади, шунингдек солиқ қарздорлиги бўйича мажбурий ундириш чоралари кўрилмайди;

2021 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектлари фаолиятида солиқ аудити ўтказиш тўхтатилади, жиноят ишлари доирасидаги ва юридик шахсларнинг тугатилиши муносабати билан ўтказиладиган солиқ аудити бундан мустасно;

тадбиркорлик субъектларига қуйидагиларга рухсат этилади:

ҳисобот йили учун умумий товар экспортининг 10 фоизидан ошмайдиган миқдорда муддати ўтган дебитор қарздорлик мавжуд бўлган ҳолда кафолат тўловисиз товарларни экспорт қилишга;

ташқи савдо операциялари бўйича дебитор қарздорликни ёпиш эвазига 2020 йил давомида технологик ускуналар ва хомашёни импорт қилиш бўйича бир марталик операцияларни амалга оширишга.

Фармонга кўра:

коронавирус инфекцияси билан касалланган ёки касалланишда гумон қилинганлиги сабабли карантинга олинган ота-оналар (уларни ўрнини босувчилар, ҳомийлар, васийлар), шунингдек уларнинг 14 ёшга тўлмаган фарзандини парвариш қилаётган шахсларга вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ўртача ойлик иш ҳаққининг 100 фоизи миқдорида тўланади;

коронавирус инфекцияси билан касалланган ёки карантинга олинган, шунингдек 14 ёшга тўлмаган боланинг ота-онаси (уларни ўрнини босувчилар, ҳомийлар, васийлар) бўлган ходим билан иш берувчининг ташаббусига кўра меҳнат шартномасини бекор қилиш тақиқланади;

14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва моддий ёрдам олувчилар сони 2020 йил 1 апрелдан бошлаб 10 фоизга оширилади;

тиббиёт, санитария-эпидемиологик ва бошқа ходимлар коронавирусга қарши курашиш тадбирларига жалб қилинадиган даврда уларнинг ойлик лавозим маошига 6 фоиз миқдорида ҳар кунлик қўшимча тўловлар жорий қилинади;

ўз фаолиятини тўхтатган давлат таълим муассасалари, спорт ва маданият муассасалари ходимларининг иш ҳақлари ўз вақтида тўлаб берилади;

аҳолига вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этишнинг соддалаштирилган тизими ташкил этилади.

 

 

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM