Экишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрини юритиш тартиби белгиланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 27 мартдаги 158-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси ҳудудида экишга тавсия қилинган қишлоқ хўжалиги экинлари давлат реестрини юритиш тартиби тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Низомга кўра, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш маркази экинларнинг давлат реестрини юритувчи ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Шунингдек, қарор билан қишлоқ хўжалиги экинлари навларини синаш бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг Маъмурий регламенти тасдиқланди.

Унга мувофиқ, жисмоний ва юридик шахсларга экинлар навларини Давлат реестрида рўйхатдан ўтказганлик тўғрисида гувоҳнома берилади.

Бунда давлат хизматларидан фойдаланиш учун талабнома берувчи шахс Марказга электрон шаклда электрон рақамли имзо билан тасдиқланган ҳолда ёки ўзи шахсан келиб (айрим ҳолларда почта алоқа воситаси орқали ёки электрон шаклда) мурожаат қилади. 

Талабнома талабгорнинг анъанавий тарздаги ёки ўз электрон рақамли имзоси ёхуд тегишлилик QR-коди билан тасдиқланади.

Марказ 5 иш куни ичида талабнома берувчи томонидан тақдим қилинган ҳужжатларнинг тўлиқлиги ва тўғрилигини кўриб чиқади. 

Талабнома берувчи шахс Марказ томонидан кўрсатилган давлат хизматлари учун Регламентда белгиланган ставкада тўловларни амалга оширади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Эксперт комиссиясининг хулосаси асосида қабул қилинган Марказнинг қишлоқ хўжалиги экинлари навларини экишга тавсия қилиш тўғрисидаги қарори тасдиқлангандан ҳамда талабнома берувчи томонидан  тегишли тўловлар амалга оширилгандан кейин 3 ой муддатда қишлоқ хўжалиги экинлари навлари давлат реестрида рўйхатдан ўтказилади.

Давлат реестридан рўйхатдан ўтказганлик тўғрисдаги гувоҳнома 3 йил муддатга берилади.

Давлат реестри ягона нусхада юритилади ҳамда ундаги маълумотлар Марказнинг веб-сайтига жойлаштирилади ҳамда жисмоний ва юридик шахслар танишиши учун очиқ ҳисобланади.

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM