Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилади

2020 йил 23 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 176-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон ҳудудида 2020 йил 24 март соат 00:01 дан коронавирус инфекцияси тарқалишига қарши кучайтирилган тартиб жорий этилди.

Унга кўра, коронавирусни республиканинг бошқа ҳудудларига тарқалишининг олдини олиш мақсадида бошқа ҳудудлардан Тошкент шаҳрига кириш (автобус, микроавтобус, енгил автотранспорт, авиақатновлар ва темир йўл транспорт воситалари орқали) тўхтатилади;

Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган шахслар, шунингдек Тошкент вилоятида доимий рўйхатдан ўтган ҳолда Тошкент шаҳрида меҳнат қилаётган давлат ташкилотлари ходимлари (нодавлат ташкилотларида – иш берувчининг тегишли рухсатномаси асосида) ҳамда юк ташиш билан боғлиқ ҳолларда Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишга рухсат берилади;

Тошкент шаҳрига кирувчи ва чиқувчи шахсларда коронавирус инфекцияси аломатларини аниқлаш бўйича мажбурий тиббий назорат ўрнатилади;

биринчи босқичда Тошкент шаҳрида, кейинчалик босқичма-босқич Нукус шаҳри, вилоят ва туман марказларида жойлашган барча йирик деҳқон бозорлари ва савдо мажмуалари (супермаркет, гипермаркет ва бошқалар) кириш-чиқиш жойларини тегишли мутахассислар билан таъминлаган ҳолда тепловизорлар ва антисептик воситалар билан жиҳозланади;

республика ҳудудига хорижий давлатлардан, шунингдек, Тошкент шаҳрига бошқа ҳудудлардан кириб келаётган барча транспорт воситалари, товар ва юкларнинг мажбурий равишда дезинфекция қилиниши таъминланади;

давлат идоралари ва ташкилотларида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари вакилларини қабул қилиш ҳамда уларга давлат ва бошқа хизматларни кўрсатиш имкон қадар “онлайн” режимга ўтказилади;

фуқаролар томонидан Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва телефон алоқаси учун тўловлар ўз вақтида амалга оширилмаганлиги сабабли икки ой давомида ўчирилишига йўл қўйилмайди;

идоравий бўйсунуви ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар барча ташкилотларнинг асосий иш фаолиятига таъсир этмаган ҳолда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ходимларни меҳнат таътилига чиқариш, қолган қисмининг меҳнат фаолиятини максимал даражада масофадан туриб (“онлайн” режимда ёки масофавий тарзда) ташкил этиш чоралари кўрилади.

Қарорга мувофиқ, тартибнинг амал қилиш даврида коронавирус аниқланган Ўзбекистон фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар ва хорижий фуқаролар, шу жумладан 2020 йил январь-март ойларида коронавирус қайд этилган ҳудудлардан Ўзбекистонга кириб келган шахслар:

Комиссия қарорларига ва эпидемияга қарши курашишга жалб этилган давлат ташкилотларининг қонуний талабларига риоя этишга;

Ўзбекистонга қайтиб келганлиги, коронавирус қайд этилган ҳудудда бўлган вақти ва жойи тўғрисида зудлик билан соғлиқни сақлаш органларига маълумот беришга;

ўзида касаллик аломатлари вужудга келганда касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлган шахслар ва ҳаракатланиш йўналишлари ҳақида зудлик билан соғлиқни сақлаш органларига маълумот беришга;

14 кун давомида уйда ёки махсус белгиланган жойда изоляция шароитида бўлишга;

санитария ва эпидемияларга қарши кураш қоидалари ва изоляция режимида бўлишга оид талабларга қатъий риоя этиш, шу жумладан тиббий ҳимоя воситаларини қўллаш ва жамиятда бир-бирлари орасида масофани сақлашга;

соғлиқни сақлаш органлари томонидан тайинланадиган тиббий текширув ва даволанишдан ўтишга мажбурдирлар.

 

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM