Вояга етмаган шахс давлат органига мустақил мурожаат қилишга ҳақли

Ўзбекистон Республикасининг 10.03.2020 йилдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида” Қонунига мувофиқ, бола ҳуқуқларининг қўшимча кафолатлари белгиланиши муносабати билан қатор қонунлар ва кодексларга ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, Оила кодексига киритилган қўшимчага кўра, оилада боланинг манфаатига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда бола ўз фикрини ифода қилишга, шунингдек ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида сўзлашга ҳақли. 

Бунда қарор қабул қилувчи орган ва мансабдор шахс бола манфаатига тааллуқли масалани ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиқиб қарор қабул қилиши керак.

Шунингдек, ота-она ва бола алоҳида яшаган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органлари, шунингдек 14 ёшга тўлган бола бир вақтнинг ўзида ота ва онадан вояга етмаган болаларнинг таъминоти учун алимент ундириш тўғрисида даъво қўзғатишга ҳақли.

Бундан ташқари, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун янги модда билан тўлдирилди. 

Унга кўра, вояга етмаган шахслар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига риоя этилиши масалалари юзасидан давлат органларига, ташкилотларга ёки уларнинг мансабдор шахсларига мустақил равишда мурожаат беришга ҳақли. 
 

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM