Туманда миллий қадриятларни янада ривожлантириш борасида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида матбуот анжумани

МИЛЛИЙ ҚАДРИЯТЛАР

Миллий маънавий қадриятлар тушунчаси, таърифи ҳамда миллий ғоя ва маънавий қадриятларнинг узвий боғлиқлиги
Инсон ва инсоният учун аҳамиятли бўлган барча нарсаларга қадриятлар дейилади. 
Қадриятлар - нарса ва воқеалар, жамият, моддий ва маънавий бойликларнинг аҳамиятини ифодалаш учун қўлланадиган тушунча. Қадрият ва қадриятлар миллий ғоянинг муҳим категорияларидан бири, бўлиб, қадриятлар ахлоқий қоида ва меъёрлар, идеаллар ва мақсадлардаги баҳолаш мезони ва усулларини ҳам ўзида акс эттиради. Улар ҳалоллик, поклик, ўзаро ёрдам, адолатлилик, ҳақиқатгўйлик, эзгулик, тинчлик, шахс эркинлиги, меҳр-муҳаббат, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик каби фазилатлар, бурч, виждон, ор-номус, масъулият каби ахлоқий тушунчалар шаклида намоён бўлади. Қадрият ўз табиатига кўра, ижтимоий-тарихий характерга эга. Ижтимоий тараққиёт жараёнида у ўзгаради ва такомиллашади. Шунинг учун қадрият тўғрисидаги таълимотлар ҳам такомиллашиб, ривожланиб боради.

Миллий маънавий қадриятлар тушунчаси, унинг таърифи ва тавсифи. Демак, «Қадрият» тушунчаси - жуда кенг тушунча бўлиб, унинг бир қисми - маънавий қадриятлардир. Миллий-маънавий қадриятлар - «миллийлик», «Маънавият» ва «қадрият» тушунчалари кесишган нуқтада жамланган ижтимоий ҳодисаларни ўз ичига олади.

Ҳар бир халқнинг ўзи учун эъзозли, қимматли бўлган маънавий бойликлари бўлади. Булар асрлар давомида авлоддан-авлодга ўтиб келган, ҳозирги кунда ҳам ўзининг аҳамияти ва қадрини йўқотмаган, шу халқнинг ифтихор манбаига айланган дурдоналардир. Масалан, қирғиз халқи «Манас» достони билан, мисрликлар қадимий пирамидалар, французлар Париждаги Лувр саройи, ўзбеклар Самарқанду Бухоро ва Хива билан ҳақли равишда фахрланадилар.

Миллат ва элатларнинг ўзига хос тарихий мероси, санъати ва адабиёти билан бир қаторда уларнинг урф-одат ва маросимлари, маданий муносабат ва ахлоқий фазилатлари ҳам маънавий қадриятлар тизимига киради. Булар халқнинг ўзига хослигини сақлаб қолишда, ёш авлодни тарбиялашда, шахснинг ижтимоийлашувида муҳим роль ўйнайди.

Халқимизнинг асрлардан асрларга ўтиб келаётган ўзи туғилиб ўсган она юртига – Ватанга муҳаббат, аждодлар хотирасига садоқат, меҳмонга, ўзидан катталарга эҳтиром, ўзидан кичикларга иззат-икром, айниқса ота-она, қариндош-уруғларга доимий беғараз ҳурмат ва хизмат кўрсатиш, бировнинг ҳақига, айниқса, етим-есирларнинг, қўни-қўшниларнинг, ожиз-нотавонларнинг ҳақига хиёнат қилмаслик, орттирган мол-дунёсидан хайр-эҳсон қилиш, ҳар қандай шароитда ҳам ҳаё ва андиша сақлаш, аҳли аёли – оиласини асраб-авайлаш сингари жуда кўплаб инсоний фазилатлар миллий қадриятларимизнинг асосини ташкил этади.

 

Афсуски, халқимиз асрлар давомида эъзозлаб келган бир қатор қадриятларни кейинги бир асрдан кўпроқ вақт ичида жамият ҳаётидан қувғин, халқ хотирасидан ўчиришга ҳаракат қилинди.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач заҳматкаш халқимизнинг тарихий хотирасини, қадимги урф-одатлари, анъаналари, қадриятларини тиклаш ва эъзозлаш, муқаддас қадамжоларни асл ҳолига қайтариш бўйича улкан ишлар амалга оширила бошланди. Бу жараёнда фақат тубжой аҳолисининггина тили, дини ва қадриятларини тиклаш, ривожлантириш билан чекланилмасдан, шу юртда истиқомат қилувчи юздан ортиқ миллат ва элатларнинг ҳам нодир қадриятлари камол топишига эътибор қаратилди.

Ҳар тўкисда бир айб ёки гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек, қадриятларимизни қўллаб-қувватлаш, уларга қатъий риоя этиш борасида ҳам суиистеъмолликларга йўл қўйиляпти. Интернетнинг ҳаётимизга шиддат билан кириб келиши, ижтимоий тармоқларда ҳар қандай маълумот ёки хабарларнинг яшин тезлигида тарқатилиши авж олаётган шундай бир пайтда қадриятларимиз топталишига олиб келаётган айрим нуқсон ва қусурлардан кўз юмиб бўлмайди.

Миллий ва диний қадриятларимизда ота-онанинг қадр-қиммати кўкларга кўтарилганлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Аммо айрим танбал фарзандлар ота-онасига ғамхўрлик қилиш ўрнига, раҳмдилроқлари ёлғиз қолган кекса отаси ёки онасини “Саховат уйи”га элтиб ташламоқда, разилроқлари эса ота-онасидан тезроқ қутилиш учун уларга қўл кўтармоқда, маънавий ва жисмоний зулм қилмоқда, ҳатто тавқилаънатли “падаркуш”га айланиб қолмоқдалар. Нега?

Фарзанд ота-онанинг дилбанди, ота-онага уларсиз ҳаёт ранг-баранглигининг бир дақиқаси ҳам татимайди. Аммо бугунги кунга келиб ота дейишга ҳам тил бормайдиган айрим “отачалар” хотинини хиёнатда айблаб, “бу менинг фарзандим эмас”, деб ўз пушти камаридан бўлган боласидан шармандаларча воз кечяпти, фарзандларини қон-қақшатиб, оиласини ташлаб кетяпти, рўзғоридаги бор будини бир шиша ароққа алмашиб, гулдек фарзандлари, хотини ҳаётини зиндон азобига айлантирмоқда.

Ҳар қандай қирғин-барот урушлар, йиллаб давом этган очарчилик, қаҳатчилик, тақчиллик, танқислик, зулм-истибдод авж олган даврларда ҳам аёлларимиз ўз оналик шаъни, аёллик иффати, ҳаё-ибосини, исломий иймон-эътиқодини йўқотмаган, сотмаган эди. Энди-чи? Устида ял-ял ёнадиган атласу кимхоб либослар, турқ-у таровати бинойидек келишган ёш жувонларнинг қаерлардадир эркак овлаши, оиласи, юртдошлари обрў-эътибори, номус-у орини ерга букиб, уларнинг таъна-дашномларини бир чақага ҳам олмаслиги қайси қадриятга мос келади? Айримлари эса касофат қилмишлари туфайли она бўлишдек улуғ бахтдан мосуво бўлиб, никоҳсиз орттирган фарзандини ўзи бўғиб ёки целлофан халтага солиб ўлдиряпти, чақалоғининг кўксига тош боғлаб анҳорга чўктиряпти, ҳожатхонага, кўча-кўй, хиёбонларга тириклай ташлаб кетяпти. Ахир беш бегона эмас, ўз фарзанди, жигарбандини-я. Ҳеч бир ҳайвонда йўқ бундай одат аёлларимизда қаердан пайдо бўляпти?!

Халқимиз қадимдан қўшнининг қўшнида ҳақи бор деб, ён қўшниларини улуғлаб келган. Шунинг учун ҳам қўшнилар бир-бирларининг иззат-ҳурматини жойига қўйган. Бирор тансиқ таом пиширса, яқин қўшниларига, албатта, бир коса илинган, бир-бирининг ҳолидан хабардор бўлиб турган. Биз-чи, биз бугунга келиб борди-келди қилиш тугул, ёнимизда яшаётган қўшнимизни, унинг болаларини ҳам танимаймиз. Ҳатто ойда бир марта ота-онамизни, туғишганларимизни йўқлашни-да одат қилмаймиз, пайсалга соламиз. Ҳовли қурсак, уйимиз томини қўшнининг томидан икки қарич баландроқ қилмасак, шипи олти метр, хоналари ўнта бўлмаса, кўнглимиз асло тўлмайдиган бўлиб қолди. Аслида ота-боболаримиз янги иморатини қўшниси яшаб турган бинодан бир қаричча пастроқ қилиб, камтарона қурганлар. Биз нотавонлар эса янги асрга келиб ҳовли-жой, машина, нарса-буюм, мол-у дунёнинг ҳирсига берилдик, ҳашамат, маишат, исрофгарчиликларга тўла зиёфатлар, кўр-кўрона тақлид ва зўрма-зўракиликка асосланган дабдабали тўй-томошаларнинг қулига айланиб боравердик. Нега??!

Маҳалла қадимдан қадриятлар қадрланадиган жой. Шунинг учун ҳам бир болага етти маҳалла ота-она, деб айтишади. Аммо биз ўз ишимиз, ўз уйимиз, ўз ташвишларимиз билан шу даражада ўралашиб қолганмизки, ўзимиз маҳалла ишларига кўмаклашиш ўрнига маҳалладан йўқлатсалар ҳам ҳафсаласизлик, лоқайдлик қиламиз, маҳалла тадбирларига бош-қош бўлмаймиз. Маҳаллада ёки бирор оилада фавқулодда бир ҳолат юз бермагунча оқсоқолларга қўшилиб маҳаллани бир айланиб, кексалардан ҳол сўраб, бебош ёшларни тергамаймиз. Нега???

Қадриятларни қадрлаш борасида айтаман десак гап кўп. Жорий йилнинг январь ойидан бери инсоният бошига катта фалокат – коронавирус номли балойи офат ёпирилди. У ҳам инсоний қадриятлар қадрсизланаётган мамлакатларда жуда авжига чиқмоқда. Минглаб одамлар кўзга кўринмас бу балойи қазони юқтириб бевақт вафот этмоқда. Бир ёмоннинг бир яхши томони ҳам бор деганларидек, ушбу пандемия ҳам йўлдан тойган инсоният учун бир аччиқ сабоқ бўлар. У ҳам бизни ўз қадриятларимизга қараб иш тутишга даъват этар.

Қадриятлар халқимизнинг бебаҳо бойлиги, жамиятимиз, миллатимиз, давлатимиз тараққиётининг асосий омилларидан бири. Шундай экан, азал-азалдан халқимизга хос бўлган миллий қиёфани шакллантирувчи мардлик, тантилик, меҳмондўстлик, саховатпешалик, ўзаро ҳурмат, биродарлик, бағри кенглик, меҳрибонлик каби бетакрор фазилатлар ҳар бир юртдошимиз томонидан амалда эъзозланиши, асраб-авайланиши, ижобий жиҳатлар қўшиб бойитилиши, ривожлантирилиши бахтли келажагимиз учун энг муҳим шартдир.

 

2015-2024 © Қўшработ туман ҳокимлиги. Сайт яратувчиси: SAKTRM